Adiblar xiyoboni – yoshlarning ma’naviy maskani bo‘ladi

Adiblar xiyoboni – yoshlarning ma’naviy maskani bo‘ladi

Адибларини улуғлаган, уларнинг ўчмас хотирасини абадийлаштирган, илмий-маънавий меросини тадқиқ этиб, келажак авлодларига етказган халқнинг келажаги порлоқ бўлади.

Хабарингиз бор, куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган Адиблар хиёбонига ташриф буюрган эди.

Даставвал, давлатимиз раҳбари Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиб, хиёбонда амалга оширилган ишлар ва яратилган шароитларни кўздан кечирди. Ёзувчи ва шоирлар, зиёлилар билан учрашувда миллий адабиётимизни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, галдаги муҳим вазифалар ҳақида суҳбатлашиб, ушбу боғда ёшларимиз маънавиятини янада юксалтиришга хизмат қилувчи муҳитни яратиш, адиблар хиёбонини ғоявий-бадиий жиҳатдан янада бойитиш каби вазифалар ижроси билан танишди.

Ушбу вазифалар Президентимизнинг 2017 йил 3 февраль куни мазкур боққа ташрифи чоғида белгиланган эди. Ўша йили 18 апрелда давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори қабул қилиниб, хиёбоннинг меъморий-ғоявий лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ўтган вақт мобайнида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, 8 гектардан зиёд майдонда Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбли яратилди. Айтиш мумкинки, илгари бу ерда саноқли адибларимизнинг ҳайкаллари бўлган. Эндиликда бу ерда Бобур, Огаҳий, Бердақ, Муқимий, Фурқат, Беҳбудий, Авлоний, Чўлпон, Қодирий, Тўлепберген Қайипбергенов, Ибройим Юсупов, Александр Файнберг сингари 20 дан ортиқ атоқли намояндалар хотирасига бағишланган янги ёдгорлик мажмуалари ҳам яратилди. Президентимиз Адиблар хиёбонидаги ташрифи чоғида юртимизда ижодкорларнинг асарлари доимий равишда чоп этилаётгани ва энди уларни дунёга олиб чиқиш кераклигини таъкидлади.

Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон сингари ижодкорларнинг асарлари хорижий тилларда нашр этилаётгани, лекин бу ишлар таржимонларнинг ўз ташаббуси ва қизиқиши билан бўлаётгани, бу борада Ёзувчилар уюшмаси ташаббускор бўлиши, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан биргаликда ўзбек адабиётининг энг сара намуналарини турли тилларга таржима қилиб, нашр эттириш зарурлиги айтилганди.

Бугун ёшлар интернетдан, электрон адабиётлардан кўпроқ фойдаланиши, лекин миллий адабиётимиз хазинасини интернетда тарғиб этиш яхши йўлга қўйилмагани боис “Адиблар хиёбони” деб номланган интернет портали ташкил этиш ва бу орқали мумтоз ва замонавий асарларнинг электрон нусхалари, ёзувчи ва адабиётшуносларнинг маҳорат сабоқлари жамланиши, портал ўзбек, инглиз ва рус тилларида фаолият кўрсатса, ундан хорижлик мухлис ва мутахассислар ҳам фойдаланиши имконияти яратилиши тўғрисида таклиф берилганди.

Шу ернинг ўзида Адиблар хиёбонини адабиёт, маърифат ва маданият масканига айлантириш, ҳар бир адиб ҳайкалини муайян олий ўқув юртига бириктириб, бу ерда очиқ дарслар, маърифий тадбирлар ўтказиш, хиёбон билангина чекланиб қолмасдан, адиблар ижодини чуқур ўрганиш, уларнинг ибратли умр йўллари ҳақида китоблар ва фильмлар яратиш, янги асарлар ёзиш муҳимлиги борасида аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берилганди.

Ушбу вазифага мувофиқ бошқа олий таълим муассасалари каби Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан ҳам мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш, унинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида халқимизга, хусусан ёшлар маълумотлар бериш, кенг тарғиб қилиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Унга кўра, ҳар ойда академия жамоаси томонидан барча таълим йўналишлар учун адиб ижоди билан боғлиқ очиқ дарслар, Беҳбудийнинг илмий мероси ва фаолияти тўғрисида битирув-малакавий ишлар ва магистрлик диссертациялари ҳимоясини ўтказиш, ҳаёти ва ижодини тўлиқ акс эттирувчи рисола тайёрлаб, фан бўйича ўқув дастурларига киритиш, турли маънавий-маърифий тадбирлар, анжуманлар ўтказиш, “Ислом тафаккури” илмий журнали махсус сонини Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва илмий мероси тадқиқотларига бағишлаш, ҳужжатли фильм тайёрлаш, Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендияни жорий этиш каби қатор амалга ошириладиган режалар ишлаб чиқилди.

“Йўл харитаси”да белгиланган режалар ҳар ой давомида Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан тизимли равишда, босқичма-босқич амалга оширилади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан буюк адибларимиз ҳаёти ва ижоди, илмий-маънавий меросини халқимиз, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб этиш борасидаги ушбу эзгу ишлар замирида ҳам аждодларимизга бўлган чексиз ҳурмат, уларга муносиб ворислар бўлиш каби улуғ мақсадлар мужассам.