Адиблар хиёбонида маҳмудхўжа беҳбудий сабоқлари

Адиблар хиёбонида маҳмудхўжа беҳбудий сабоқлари

Хабарингиз бор, куни кеча Президентимиз Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган Адиблар хиёбонига ташриф буюриб, амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари  ва яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Элимизнинг атоқли шоир ва ёзувчилари, маърифатпарварлари хотирасини ёдга солиб турувчи ушбу боғни халқимиз, қолаверса, ёшлар учун маънавият масканига айлантириш барасидаги Юртбошимиз ташаббуси кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Эътиборлиси, буюк адибларимизнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш, уларнинг илмий-маънавий меросини кенг тадқиқ этиш бўйича ҳар бир адиб хотирасига барпо этилган ҳайкалнинг муайян олий ўқув юртига бириктириб берилишида ҳам ўзига хос маъно бор. Эндиликда бу ерда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан намунали очиқ дарслар, маърифий тадбирлар ўтказилиб, ҳар бир адиб ижодини чуқур ўрганиш, уларнинг ибратли умр йўллари ҳақида китоблар ва фильмлар яратиш, янги асарлар ёзиш борасидаги аниқ чора-тадбирлар катта аҳамиятга эгадир.

Шу мақсадда барча олий таълим муассасалари қатори Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан ишлаб чиқилган “Йўл харита”сига мувофиқ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиш, маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш борасида амалий ишлар бошланди.

Бугун  Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган Адиблар хиёбонидаги Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳайкали ёнида адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Ш.Мавлонов, “Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат” бўлими бошлиғи Ғ.Арифжонов, Хотин-қизлар бўлими бошлиғи Р.Матибаева, факультет деканлари ва профессор-ўқитувчилар, олимлар, адабиёт ҳамда санъат вакиллари, илмий-тадқиқотчилар, докторант ва магистрантлар, талабалар иштирок этди.

Тадбир аввалида иштирокчилар маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳайкали пойига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Шундан сўнг олимлар, профессор-ўқитувчилар томонидан адиб ижодига боғлиқ қатор мавзулар бўйича суҳбатлашилди. Жумладан, “Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA” кафедраси мудири, тарих фанлари доктори С.Агзамходжаев “Беҳбудий ҳаёти ва ижоди”, Халқаро муносабатлар кафедраси ўқитувчиси, сиёсий фанлар доктори М.Муҳаммадсидиқов “Беҳбудийнинг ижтимоий-сиёсий муҳит ривожига қўшган ҳиссаси ва халқаро ҳамкорлик борасидаги ютуқлари”, Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО кафедраси катта ўқитувчилари С.Саиджалолов “Маҳмудхўжа Беҳбудий – диний ва дунёвий илмлар соҳиби”, Ж.Тоҳиров “Беҳбудийнинг муфтийлик фаолияти ва ҳаж сафари”, Ўзбек тили ва мумтоз Шарқ адабиёти кафедраси катта ўқитувчиси, филология фанлари номзоди Н.Шоалиева “Беҳбудийнинг ўзбек адабиёти ва матбуотига қўшган ҳиссаси”, академия 2-курс магистранти Б.Раҳимов “Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодини ўрганиш борасидаги илмий тадқиқотлар” мавзуларида тўплаган ўз қимматли маълумотлари билан ўртоқлашишди.

Шунингдек, давра суҳбати давомида “Исломшунослик” факультети 1-босқич талабалари томонидан Маҳмудхўжа Беҳбудий қаламига мансуб “Падаркуш” драмасидан парча ижро этилди. Маърифатпарвар олимнинг Адиблар хиёбонида ўрнатилган ҳайкали талаба-ёшлар томонидан тасвирланган суратларда акс эттирилди. Созанда ва хонандалар ижро этган куй ва қўшиқлар тадбир қатнашчиларига манзур бўлди.

Давра суҳбати якунида талаба-ёшлар адиб ҳаёти ва ижоди, илмий-маънавий фаолияти бўйича ўзларини қизиқтирган саволлари билан олимларга мурожаат қилишди.

Эътиборлиси, ўтказилган тадбир карантин шароитидан келиб чиқиб, уйда қолган талабалар учун онлайн транслация қилинди.

Тадбир ташкилотчилари Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодини чуқур ўрганишга қаратилган амалий ишлар бардавом олиб борилишини маълум қилди.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати