TO‘YDAGI ISROFGARChILIK O‘ZIMIZGA AZIYAT ETKAZADI

TO‘YDAGI ISROFGARChILIK O‘ZIMIZGA AZIYAT ETKAZADI

Пиру бадавлат отахону онахонларимиз кўпинча “Топганинг тўйга буюрсин”, дея тилак билдиради.

Ушбу эзгу ният замирида ҳар бир уйда доимо хурсандчилик ҳукм сурсин, бола-чақанг кўп бўлсин, деган инжа истак мужассам. Зеро, ота-боболаримиз азал-азалдан серфарзандликни ҳақиқий бахт билиб, оиладаги файз-баракадан элга хуррамлик улашиб келишган.

Аммо кейинги пайтларда бу ҳикматнинг асл моҳияти бироз унутилгандек. Буни ҳозирги аксарият тўйларда кўпроқ ҳашамат ва даб-дабага эътибор қаратилиб, унинг оқибатлари, ибрати унутиб қолдирилаётган жиҳатларда сезилиб қолмоқда. Ортиқча исрофгарчилик, кимўзарга берилиш натижасида хонадондаги энг гўзал, файзли кун ортидан айрим оилаларда тинч-тотув ва бахтли ҳаёт мураккабликлар домига тушиб қолмоқда. Бундай салбий ҳолатнинг жамиятда илдиз отиши эса, энг аввало, илмсизлик, маънавиятнинг дарз кетиши ва келажак авлод таълим-тарбиясига ҳам таъсир қилаётгани афсусланарли.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарорининг қабул қилингани бежиз эмас.  Зотан, эртанги ёруғ кунларга дебоча бўлувчи тўй ва бошқа байрам маросимлари баъзи ҳолларда кўплаб ижтимоий муаммолар сабаби бўлиб қолаётгани кишини мулоҳазага ундайди.

Биз юқоридаги қарорнинг долзарблиги ва, умуман, тўй ва оилавий маросимларни ўтказишдаги қадим анъана ва удумлар, унинг диний ва дунёвий аҳамияти ҳамда тартиб-тамойиллари хусусида суҳбатлашиш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси Бурхониддин АҲМЕДОВга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

— Тўй — файз-барака, тинчлик-хотиржамлик, фаровонлик рамзи. Шу боис туй билан боғлиқ қадриятларни халқимиз ҳамиша эъзозлайди. Бу борада муқаддас ислом динимизда қандай тартиб ва анъаналар ёки кўрсатмалар мавжуд?

— Динимизда тўй маросимларини ўтказиш юзасидан аниқ тавсиялар ва Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ўз кўрсатмалари бор. Яъни, икки оила фарзандларининг ўғил ва қизлари жуфтлашиши, оила қуришида жамоатга билдириб қўйиш маъносида ихчам тўй қилишга кўрсатма берилган. Бунда, энг аввало, бир хонадондан парваришланиб вояга етган қизни янги уйга эзгу ниятлар билан кузатиш мақсади мужассам. Эл-юртга эҳсон дастурхони ва тўйлар қилиб, овоз чиқариб узатишни Пайғамбаримиз (с.а.в) тавсия қилганлар. Чунки “Хонадонингизда қизингиз вояга етаётган эди”, дея яхши ниятда совчиликка келувчиларга ҳам бу тадбир ўзига хос хабар бўлади.

Қиз бола турмушга чиқаётган пайтда эҳсон дастурхони ёзишни Пайғамбаримиз (с.а.в) бевосита эркакнинг, яъни оила қураётган йигитнинг зиммасига юклаганлар. Тарихдан маълумки, Пайғамбаримиз ўз қизлари Фотима онамизни Али (р.а)га узатаётган вақтда куёвларининг тўй қилиб уйланишга имконияти бўлмаган. Шундай ҳолатда ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в) имомдан маҳр учун Али (р.а)дан қизларига маблағ сўрайдилар. Ҳатто темир узук бўлса ҳам топа оласанми, дея қиладиган эҳсонини Али (р.а)га тавсия қилдилар. Шундай қилиб, атрофидаги саҳобаларининг ёрдами билан Али (р.а.) кичкина бир эҳсон ҳозирлаб Фотима онамизни никоҳлаб, бошқа бир хонадонга олиб кетадилар.

Бундай мисолларни жуда кўп келтиришимиз мумкин. Масалан, Расулуллоҳ (с.а.в) бир куни кўчада кетаётганларида ўша даврнинг энг кўзга кўринган сармоядорларидан бири Абдураҳмоннинг устидаги кўркам либосни кўриб ундан “Уйландингми?”, деб сўрайдилар. Абдураҳмон жавоб қилиб: “Ҳа, уйландим”, дейди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в) уйлансанг билдириб қўйгин-да, деб айтган эканлар.

Буни шундай изоҳлаш мумкинки, ўша даврларда ҳам тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш урф бўлган. Лекин шу даражада ихчам бўлганки, ҳаттоки, Расулуллоҳ (с.а.в) ҳам Абдураҳмон каби ўзига тўқ кишининг уйланганидан хабар топмай қолиши мумкин бўлган.

Никоҳ қайдномаси икки жуфтлик, яъни эркак ва аёлнинг биргаликда оила қуришга қўядиган илк қадами бўлса, албатта, унга гувоҳлар бўлиши учун ҳам ихчам бир тўй маросими қилиш лозимлиги табиий. Буни юқорида келтирган мисолларимиз ҳам тасдиқлаб турибди.

— Тўйлардаги ортиқча дабдабабозлик туфайли нафақат бир оила, балки бутун бир жамият учун ҳам қандай ижтимоий муаммолар юзага келиши мумкин?

— Юқорида айтганимиздек, ислом динида ҳам никоҳ улуғланиб, уни кўпчиликка эълон қилиш фарз амал ҳисобланади. Халқнинг гувоҳлигида кичик бир тўй маросимларини ўтказиш яхши. Аммо бугунги кунда бундай маросимлар бироз бошқача тусга кирган. Буни биз, тўй урф-одатларини рўкач қилиб, исрофгарчилик, дабдабабозлик ва кимўзарлик ҳолатларининг тобора ортиб бораётганида кўрамиз. Бу эса бутун жамиятимизга ҳам салбий таъсир этмасдан қолмайди.

Қуръони каримда шундай бир оят бор, Аллоҳ таоло инсонларга марҳамат қилиб, шундай дейди:“Енглар, ичинглар лекин исроф қилманглар. Аллоҳ исроф қилгувчиларни ёмон кўради” (Аъроф, 21).

Мазкур оят шарҳига муфассирлар назари билан қарайдиган бўлсак, Аллоҳ буюряпти: “Егин, ичгин, аммо исроф қилмагин”, деб. Бу сўзнинг ортидан уни юмшатадиган бошқа сўз келтирмади. Бу эса берилган тавсия ва маслаҳатлар бажарилиши лозимлигини англатади.

Бугун ушбу насиҳатга риоя қилмаслигимиз оқибатида айрим оилалар ва жамиятимизда қандай муаммолар юзага келаётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Ундан келиб чиқаётган зарарлардан фақат ва фақат ўзимиз, халқимиз азият чекмоқда.

Шу ўринда биз, фақат мол исроф бўляпти-ку, деб ўйлашимиз ҳам мумкин. Ҳақиқатдан ҳам, мол исроф бўлишини ҳеч ким инкор қилмайди. Лекин тўй базмларида безатилаётган дастурхонлардаги нозу неъматлар, айниқса, хотин-қизлар учун мўлжалланган тўйларнинг кечки базмларида тортилаётган таомларнинг ўндан бир қисми ҳам истеъмол қилинмайди, исроф бўлади. Бу, биринчи навбатда, моддий исрофгарчилик!

 Исрофгарчилик энг ёмон гуноҳлардан ҳисобланади. Инсонга инъом этилган ҳар қандай моддият, имконияти етар экан, хоҳласа еб, хоҳламаса исроф қилиб юбориши учун берилмаган. Бунга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Моддият ҳам бизга омонат. Кимларнингдир рисқ-насибасини исроф қилаётганимиз бир жиҳати бўлса, иккинчиси, ушбу нозу неъматлар ҳам аслида Аллоҳнинг бизга инъомидир. Эртага охиратда ҳатто, ана ўша исроф қилинган моддий неъматлар ҳам даъво қилиб “Сен мени инсонларга емак учун яратдинг, лекин улар мени зоя қилишди”, дейиши мумкин экан.

Ривоятларда келтириладики, қиёмат кунида йиртқич бўрилар тўдаси ичида бир қўй юраркан. Шунда Аллоҳ таоло “Сен бўрилар ичида нима қилиб юрибсан?”, деб ўша қўйдан сўрар экан. У эса, “Ё Аллоҳ, Сен мени бир кишига мулк қилиб берган эдинг. Аммо у мени асраб-авайламади, мени зое қилди. Шунинг учун мен жойимни адаштириб, бўрилар ичида доимий хавотирда юрибман”, дея эгаси устидан шикоят қиларкан. Шунда Аллоҳ таоло қўйдан “нима хоҳлайсан?”, деб сўраса, қўй эгамдан ҳақ хоҳлайман, деб жавоб қайтараркан.

Демак, ҳатто бир жонвор ҳам эгасининг масъулиятсизлиги сабаб йўқолиб қолгани учун қиёмат кунида эгасидан ҳақ талаб қилиши мумкин экан. Ҳолбуки, қиёмат кунида инсон учун ҳар бир зарра савоб керак бўлади... Шундай экан, бугунги тўйларимизда исроф қилинаётган ҳар бир луқма таом уни исроф қилаётганлардан ҳақ сўраши мумкинлигини унутмаслигимиз лозим.

Бу – моддий исрофгарчилик! Энди биз бундай ҳолатни моддий исрофгарчилик десак, баъзи инсонлар “ўзимники, топдим, едирдим, ейишмади, нима қилай?”, деб ўзларини оқламоқчи ҳам бўлиши мумкин. Аммо, бу ўринда исрофнинг янада муҳимроқ томони ҳам йўқ эмас.

Вақтнинг зое кетгани-чи? Ҳозирги кундаги тўйларимизда қанчадан-қанча вақт, иззат-ҳурмат, исроф бўляпти? Бугун тўйларга инсонларнинг бориши ҳам бир мажбурият ёки зарурат бўлиб қолди. Агар бормаса, нафақат ундан хафа бўлади, балки бошқалар олдида ҳам “Менинг тўйимга фалончи келмади”, деб изза қилиши мумкин. Аслида, тўйга боролмаган кишининг бирор зарур юмуши бетоблиги ёки жамият олдидаги бирор вазифаси бор-йўқлиги билан ҳам қизиқмайди. Бу билан қай бир инсоннинг қадр-қиммати, миллий қадриятларимиз оёқ ости қилинаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Эртага буларнинг ҳам савол-жавоби, уволи, ҳисоб-китоби бўлиши табиий. Шу боис бу жиҳатларга ҳам эътиборли бўлиш жоиз.

Қиёмат кунида Аллоҳ томонидан инсон яшаган ҳар бир лаҳзанинг жавоби сўраларкан. Аллоҳ таоло банданинг қадами жаннат ёки дўзахга ўтишидан олдин сўрайдиган тўртта нарсадан бири сифатида ВАҚТни санамадими? Банда берилган умрининг вақтини нимага сарфлади? Нега ўша дабдабали тўйга кетган кунлар ва ойларни ўзининг маънавиятига, имон-эътиқодига, фарзандларининг таълим-тарбиясига, жамиятининг тараққиётига йўналтирмади? Мебель ёки сарпо-сурув излаш учун дўконма-дўкон юриб, ўз вақтини исроф қилди!

Фақатгина мол исроф қилиняпти, дейилганда гўёки, мол меники, деяётганлар атрофидагиларнинг ҳурматини унутаяпти. Яъни, табиийки, ҳар ким ҳам катта харажат билан дабдабали тўй қила олмайди. Аммо, қўни-қўшниси ёки қариндошининг қилган тўйидан сўнг унинг ҳам элга дастурхон ёзиш вақти келганда қўли калталигидан яқинлари олдида танбеҳ эшитиб азият чекмайдими?! Шу боис катта тўй қилишни режалаётган кишилар ўз яқинлари, қўни-қўшниси имкониятини ҳам ҳисобга олиши — чин инсонийликдан далолат.

Бинобарин, бизнинг шариатимизда қиз боланинг маҳри унинг бундан аввалги қавми-қариндошларига берилган маҳрдан келиб чиқилади, дейилди. Демак, инсон тўй-ҳашам, эҳсон қилаётганида маҳалласини, унга қараб ўз ҳаракатини режалайдиган, андоза оладиган қариндошларининг имкониятини ҳам эътиборга олиши, уларнинг ҳурматини жойига қўйиши талаб этилади. Бу билан ҳисоблашмаслик эса ҳурматсизлик белгисидир!

Янада оғриқли масалалардан бири – тўйини дабдабали қилаётган инсонлардан баъзан фарзанди таълим-тарбияси учун маблағ сўралганда, кўплаб эътирозлар қулоққа чалиниб қолади. Биз буни мақташ ёки қоралаш мақсадида айтмаяпмиз. Бир кунлик орзу-ҳавас учун ишлатилаётган маблағни бир умрлик маънавият, маърифат йўлида сарфлаш тўғри танлов-ку.

Агарда кишилар кимўзарга қилинаётган тўйларининг маблағида атига бир қисмини фарзандлари таълим-тарбияси, саломатлиги ва камолоти учун йўналтирса, ўзининг эртанги куни бўлган ўғил-қизларидан қайтадиган иззат-ҳурматга мушарраф бўлиши шубҳасиз! Бу билан ҳам ота-оналик вазифаси, ҳам жамият олдидаги бурчини бажарган бўларди.

Шу ўринда бир устозимизнинг яхши ибрати ёдга тушади: У киши ҳам фарзандларининг яхши кунида тўй қилиб, элга дастурхон ёзишга тараддуд кўраётганларида баъзи шогирдлари устознинг ҳурмати учун ўз ёрдамларини тавсия қилишиб, тайёрланажак ошга қази-қарта олиб келмоқчи бўлишибди. Шунда устоз рад жавобини берибди. “Мени имкониятим бундай ош қилишга етмайди”. Сиз ҳам ёрдам қилманг, чунки элга бу ош дастурхонини мен ёзаяпман. Эртага шу домла қази-қартали ош қилганди-ку, деб бошқаларга ҳам малол бўлмасин, оғиримиз тушиб қолади”, дея таъкидлаган экан.

Албатта, жамиятимизда бундай инсонларга эҳтиёж бор. Уларнинг халқ манфаатини ўйлаб айтган ҳар битта гапи, оғирини-енгил қилиши борасидаги фикрлари ҳаммамиз учун катта ибрат мактабидир.

— Тўй ва маросимларни тартибга солиш бўйича ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда унинг аҳоли фаровонлиги ва маънавий юксалишидаги аҳамиятини қандай баҳолайсиз?

— Жамиятимизни ҳар томонлама ислоҳ қилиш, тараққиёт йўлига олиб чиқиш учун ҳукуматимиз томонидан кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинмоқда. Бу эса ҳақиқий халқпарварларимиз, халқнинг ҳар бир хатти-ҳаракатига эътиборда бўлаётганидан далолат беради. Масалан, тўй-ҳашамлар ўтказишнинг янги тартиблари борасида зиёлиларимиз томонидан илгари сурилаётган фикрларнинг барчаси эл-юртимиз фаровонлиги, фуқароларимизнинг манфаати учун хизмат қилади. Қўйилаётган талаблар халқимизнинг ичидаги дардини, муаммосини ўрганган ҳолда билдирилаяпти. Халқ вакиллари ҳисобланган депутатлар, МФЙ раислари ва жамоатчиликнинг фикр ва тавсиясига биноан ёндашиляпти.

Бугун жамиятимизда ҳаётий шиорлардан бирига айланиб улгурган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган муҳим даъватлар айтиляпти. Динимизда ҳам ҳукумат ёки умумбашарий қоидаларга риоя қилиш — шарий бурч, деб белгиланган. Халқ вакиллари ҳисобланган раҳбарлар томонидан фуқаролар манфаати учун бир таклиф берилса, унга амал қилиш керак бўлган. Халқимиз ҳам бежиз: “Бирлашган ўзади”, дея таъкидламайди. Барчамиз ҳамжиҳатликда иш олиб борсак ва қабул қилинган тартиб-қоидаларга амал қилсак, айни мудао бўлади.

Жамият пешволари бир масалада келишсалар халқнинг манфаати учун бўлади. Унга эътиборсиз муносабатда бўлмаслик лозим. Негаки, динимизда қарор қилишда ижмо, яъни соҳа мутахассислари йиғилиб, жамиятдаги бир муаммога ечим излашда яхлит бир фикрга келиши бор. Иттифоқ қилинган бир қоидага риоя қилиш, буни диний томондан биз Қуръони карим, ҳадис, ижмо ва қиёс деймиз. Буларга ҳам амал қилиш талаб этилади. Акс ҳолда киши ўзи билиб ёки билмаган ҳолда, аввало, ўзини, ундан сўнг бошқаларни ҳам қадрсизлантириб қўйиши мумкин.

Халқимизда “Эл-юрт назаридан қолма”, деган бир нақл бор. Бунинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, юртимиз қонунлари, тартиб-қоидаларига амал қилмаётган кишилар бугун кўпчиликнинг назаридан қоляпти.

Юқорида таъкидлаб ўтдик, бугун ортиқча дабдабали тўйлар натижасида қанчадан-қанча вақт, маблағ, ноз-немат исроф бўляпти. Энди кенг жамоатчилик вакиллари, зиёлиларимиз фикр ва таклифлари ўрганилиб, фуқароларимизга ҳар томонлама қулай шароитларни яратиш мақсад қилинганида ҳеч кимнинг бунга риоя қилмасликка ёки эътиборсиз бўлишига ҳаққи йўқ. Бу ерда шахсий манфаат кўзланаётган эмас. Яна шу халқ, Ватан тараққиёти, ўғил-қизларнинг келажаги ўйланяпти холос. Шунинг учун фуқароларимиз ҳам бугунги кундаги тўй-ҳашамларни ихчам қилишда айтилаётган фикр ва таклифларга амал қилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

— Ўтган асрларда ҳам маърифатпарвар зиёлиларимиз томонидан тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ масалаларга долзарб аҳамият қаратишган. Буни айниқса, жадид адабиёти вакиллари ижодида яққол кўриш мумкин.

— Бизнинг бутун дунё илм-фанига ўз ҳиссасини қўшиб кетган аждодларимиз, ўтган даврларда ҳам инсонларга зарар келтираётган жуда кўплаб ижтимоий муаммоларни ҳам таъкидлаб ўтишган. Бундан эҳтиёт бўлишимиз, фақат ва фақат ақл-идрок ила иш кўришимизни ҳаттоки, ўзларининг асарларида ҳам ёзиб қолдиришган. Масалан, маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг насиҳатларида: “Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимизда ва динимизда обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”, дея айтган.

Дарҳақиқат, таълим-тарбия ҳар доим моддий кўмакка муҳтож. Болага оддий қалам, китоб, дафтар олиб бериш учун ҳам моддият керак. Маърифатпарварларимиз бу борада ўзларининг фойдали маслаҳатларини бериб ўтишган. Биз аждодларимизнинг руҳини шод қилиш учун ҳам уларнинг ўгитларига қулоқ тутишимиз ва унга амал қилишимиз ҳар биримизнинг бурчимизга киради. Айнан бугун ҳам жамиятимизда ушбу ўгитларга эҳтиёж бор ва бу сўзлар қанча даврлар ўтган бўлса-да, ҳали ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.

Мисол учун, яқинда ижтимоий тармоқларда барчани мулоҳазага чорлаган бир ибратомуз воқеани ўқиб таъсирландим. Бир хорижий давлатда уч миллат фуқароси ишлай бошлайди. Бири ўзбек қолганлари бошқа миллат вакиллари. Икки нафар бошқа миллат вакили ҳар доим уйларига пул жўнатиб, бу маблағларни фарзандларининг соғлиғи ва билим олиши учун сарфлашни тайинлар экан. Афсуски, бизнинг ватандошимиз эса уйига пул жўнатганда, аёлига эртага халққа ош беришимиз керак, деб ҳар сафар жўнатган маблағини турли моддий буюмларга сарфлашни айтар экан.Ўзи хоҳлаганидек, тўй қилгандир. Аммо бироз муддат ўтганидан кейин нарги икки касбдошининг фарзандлари бири шифокор, иккинчиси иқтисодчи мутахассис бўлиб, эл-юрти манфаати йўлида улуғ даргоҳларда фаолият бошлабди. Бир кунда ўтиб кетадиган тўй-ҳашамга бор-будини сарфлаган юртдошимизнинг фарзандлари эса яна ўша отасининг қора меҳнатини давом эттирибди...

Бугун топаётган маблағимизни фарзандларимизнинг энг керакли эҳтиёжига сарфламаганимиздан сўнг эртага аҳволимиз қандай бўлишини юқоридаги биргина мисол кўрсатиб турибди. Мутафаккир алломаларимиз ёзиб қолдирган яна бир ҳикмат бор: “Фарзанд сенга бир кун ўқиладиган қиссадир”!

Албатта, бу ҳикматда мажозий маъно бор. Яъни, ўзингдан кейин фарзандинг томонидан содир этиладиган ҳар қандай ҳатти-ҳаракат бугун сен ёзаётган сатрлардир. Яхши қисса ўқилишини хоҳласанг, унга бугун илм ва маърифат бериб, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига эришмоғинг керак. Фарзандингни эртага қандай кўришни истасанг, бугун сен унга шундай муносабатда бўл. Эртага зиёли бир шахс бўлиб етиши учун таълим-тарбияси йўлида ҳеч нарсани қизғанма, деган хитоб бор. Ўшандагина, фарзандларимизнинг келажагига муносиб ҳисса қўшган ва аждодларимизнинг руҳини шод қилган бўламиз (!)

Замон шиддат билан ривожланяпти. Шу ривожланишни фақатгина моддият билан, яъни ҳашаматли уй қурсам, машина олсам, катта-катта тўйлар қилсам, бугунги куннинг ҳар томонлама ҳурматли бир инсони бўлар эканман, деб қараш нотўғри. Ҳар жабҳада меъёр бўлиши керак. Динимизда ҳам, аждодларимизнинг ўгитларида ҳам бу нарса бот-бот уқтирилмоқда. Ана ўша панд-насиҳатларга қулоқ тутиб, улардан кўплаб илмларни ўрганишимиз керак. Шунда биз жамиятимизни ва фарзандларимизни ўзимиздан кейин янада тараққий этиб, бахтли ҳаёт кечиришига пойдевор қўйган бўламиз.

 

Суҳбатдош: Баҳодир ЖОВЛИЕВ