MILLATNING O‘ZLIGI BILAN O‘YNASHIB BO‘LMAYDI

MILLATNING O‘ZLIGI BILAN O‘YNASHIB BO‘LMAYDI

Она тилимиз дунёдаги энг бой ва мўъжизакор мулоқот воситасидир. Бунда қалам тебратган буюк аждодларимизнинг маънавий хазинаси жаҳон илм-фани, маданияти, маърифатининг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Яқинда ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ “зиёлилар” рус тилига давлат тили мақомини бериш лозимлиги ҳақидаги фикрларини баён этишди. Таъбир жоиз бўлса, илгари сурилган бундай қалтис фикрлар буюк миллатнинг қалби, тақдири, ўзлиги билан ўйнашишдир. Бу халқимизнинг ғурури, ифтихори, 1989 йилдан буён ўзбекнинг ўзи эгамен бўлган (Э. Воҳидов таъбири) маънавий мероси — она тилимизни топташ билан баробар.

Ўзбекистон — мустақил давлат. У ўз келажагини, тақдирини ўзи белгилайди. Ўзбекистонимизнинг давлат тили — ўзбек тилидир. Ушбу меъёрлар Конституциямизда ҳам қатъий мустаҳкамлаб қўйилган. Демак, юқоридаги каби ўзга тилга давлат мақоми бериш ҳақидаги алаҳсирашларга умуман йўл йўқ. Бу ҳақда гап-сўз бўлиши мумкин ҳам эмас.

Миллатимиздан чиққан ўша “бир гуруҳ зиёлилар” ичида Ўзбекистон халқ артисти номини кўриб, рости чуқур ўйга толдим. Ахир, ўша артистнинг ўзи ўзбек халқи меҳри-муҳаббати, бағрикенглиги туфайли шу даражага етишганди-ку. Наҳотки энди туз тотиб, тузлиғига тупурса?!

Қўшиқлари соф ўзбек тилида янграган, бошқа халқларда ҳам шу тилда севимли бўлиб тингланган, ҳатто “чойхона”, “Учқудуқ” каби сўзларнинг ўзга тилларга кириб боришига таъсир этган гуруҳ намоёндаси ўзга тилни ўзи “сув ичган” она тилидан устун қўйган бўлса?!

Улуғ маърифатпарвар шоир Аваз Ўтар:

— Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,

Тил воситаи робитайи оламиёндур, — деган бўлса, жадидлар йўлбошчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий эса “Икки эмас, тўр тил лозим” номли мақоласида тил ўрганишнинг афзалликларини уқтирганлар. Бироқ улар ўз она тилини йўқотмак, миллат руҳини йўқотмак эканини, бу бутун миллат дарди, миллат фожеаси эканини бот-бот ёзганлар.

Бугунги кунда рус тили бошқа (инглиз, хитой, тожик) тиллари қатори эҳтиёж сифатида инсонлар мулоқотида, алоқа воситаси сифатида ишлатилиши мумкин. Бироқ расмий тил сифатида она тилимиз — ўзбек тилига қўш бўлиши мумкин эмас.