BARHAYOT GʻOYALAR

BARHAYOT GʻOYALAR

Маҳмудхўжа Беҳбудий – аллома, ёзувчи, жамоат арбоби ва ўзбек драматургияси асосчиси. Бутун ҳаётини эл-юрт хизматига сарфлаган маърифатпарвар кенг қиррали шахс эди. У Туркистонда биринчилар қатори “Усули жадид” – янгича таълим методига асосланган мактабларни ташкил этган. Ўқувчилар учун дастлабки дарслик ва ўқув қўлланмаларни ҳам ўзи ёзган. Биринчи ўзбек драмасининг муаллифи ҳамдир.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида Адиблар хиёбонида ўзбек адабиётининг буюк намоёндаси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб “Беҳбудий ва барҳаёт ғоялар” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари, Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимлари, Академия  Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи М.Қаҳҳорова, “Мумтоз Шарқ филологияси” факультети декани И.Мирзиётов, “Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар” ва “Ўзбек тили ва мумтоз шарқ адабиёти” кафедралари профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди.

Тадбирда Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижоди, ижтимоий-сиёсий муҳит ривожига қўшган ҳиссаси ва халқаро ҳамкорлик борасидаги ютуқлари, диний ва дунёвий салоҳияти, муфтийлик фаолияти ва ҳаж сафари, ўзбек адабиёти ва матбуотига қўшган ҳиссаси, маърифатпарвар ижодини ўрганиш борасидаги илмий тадқиқотлар ҳақида ўқитувчилар томонидан талабаларга сабоқ берилди.

Шунингдек, талабалар ижро этилган саҳна кўринишларида маърифатпарвар ижоди акс этган чиқишлар намойиш этилди. Беҳбудий асарларидан парча ўқилди.

— Беҳбудий адабиёт, тарих фанлари билан бирга сиёсатни ҳам ўрганади, — дейди  “Мумтоз Шарқ филологияси” факультети декани И.Мирзиётов. — Газета ва журналлар орқали дунёда содир бўлаётган янгиликлар билан танишиб борган. Макка, Миср ҳамда кўплаб давлатларга қилган саёҳатлари унинг дунёқарашини бутунлай ўзгартириб юборган. У мактаб ва санъатни яхшилаш масалаларига бағишланган қатор мақолалари газета ва журналларда доимий равишда чоп этилган.

Дарҳақиқат, бугунги кунда адабий меросимизни ўрганиш, тарихимизни холисона ёритиш орқали ўсиб келаётган ёш авлодга бой хазинанинг қадри нақадар улуғлигини етказиш, ундан баҳраманд бўлиш, маънавий озуқа олиш муҳим вазифалардан биридир.

Шу мақсадда маънавият маскани, дея эътироф этилган Адиблар хиёбонида буюк алломалар, маърифатпарвар зиёлилар, шоиру ёзувчиларимиз илмий-маънавий меросини ўрганиш учун ташкил этилаётган маърифий дарслар халқимиз, қолаверса, ёшларимизга билим, миллий қадрият, урф-одатларимиз, шонли тарихимиз ҳақида янада  чуқур ўрганишлари имконини беради.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати